Ҳиндистоннинг етакчи интернет нашрларидан бири бўлган “India Blooms” журналисти Сужой Дхар яқинда Ўзбекистонда бўлиб, мамлакатимиз сайёҳлик салоҳияти билан танишди.
Мазкур сафар Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ўзаро ҳамкорлигида ташкил этилди. Сафар натижаси бўйича ҳиндистонлик журналист мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятига бағишланган туркум мақолалар чоп этишни бошлади.
“Буюк Ипак йўли бўйлаб Ўзбекистонга саёҳат қил” деб номланган илк мақоласида муаллиф Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби қадимий шаҳарларнинг диққатга сазовор жойлари, бой тарихи ва маданияти, анъаналари, бебаҳо обидалари ва музейлари ҳақида сўзлайди.
Ўзбекистон худудида минглаб қадимий ва ноёб меъморий ёдгорликлар мавжуд бўлиб, улар ЮНЕСКОнинг тарихий меъроси рўйхатига киритилган, дея алоҳида қайд этилади мақолада.
Мақолада мамлакатимизнинг қадимий ва навқирон шаҳарлари акс этган фотолавҳа ҳам ўрин олган.
Журналист ўзининг кейинги мақолаларида Ўзбекистонда туризмнинг турли йўналишлари ҳақида ҳикоя қилмоқчи.