Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори миллий санъатимизга бўлган юксак эътиборни ифодаловчи тарихий ҳужжат бўлди. Унга асосан, 2018 йилдан бошлаб Шаҳрисабз шаҳрида ҳар икки йилда бир марта Халқаро мақом санъати анжумани ўтказилади. 2018 йил 6 апрелда Президентимизнинг ушбу йўналишдаги навбатдаги ҳужжати – “Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Санъат байрамининг дастлабкиси 6-10 сентябрь кунлари бўлиб ўтиши белгиланди.
Айни кунларда Қашқадарёда ушбу нуфузли анжуманга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Вилоят ҳокими Зафар Рўзиев билан айнан шу мавзуда суҳбатлашди. –
– XIV – XVI асрларда жаҳон аҳлининг илм ва зиё марказига айланган Шаҳрисабз “Илм ва одоб қуббаси” сифатида дунёда шуҳрат қозонган. Тарихий манбаларда Амир Темур ҳукмронлиги даврида бу ерга бошқа юртлардан кўплаб толиби илмлар, мадаиият ва санъат намояндаларининг келганлиги, уларнинг ижоди ҳақида маълумотлар бор.
– Ҳақиқатан ҳам, Шаҳрисабз буюк саркарда, маърифатпарвар давлат арбоби Амир Темур туғилиб вояга етган гўша сифатида, нафақат маҳобатли тарихий меъморчилик ёдгорликлари билан, балки маданият ва санъат ўчоғи сифатида ҳам довруғ қозонган. Қадимда ушбу манзилнинг адабий-мусиқий достончилик ҳамда мақом ижрочилиги билан машҳур бўлганлиги тўғрисида кўплаб маълумотлар учрайди. Бу даврда соҳибқирон бобомиз томонидан мусиқа илми ва амалиётига катта эътибор қаратилган. Шу жиҳатдан ўзбек мақом санъатининг шаклланишида Темурийлар даври ижодий муҳити алоҳида аҳамият касб этган.
Президентимизнинг алоҳида эътибори, қолаверса, юқоридаги тарихий ҳақиқатнинг мантиқий давоми сифатида анжуманнинг Шаҳрисабзда ўтказилишидан фахрланамиз. Мазкур қарорга асосан ишлаб чиқилган “Халқаро мақом санъати анжумани” концепциясида асрлар оша устоздан шогирдга оғзаки равишда ўтиб борган мақомларнинг фалсафаси теран, шакл ва услублари ранг-баранг, туб қонуниятлари муштараклиги алоҳида таъкидланади. Шу боисдан ҳам шарқона мақомот дурдоналари башарият тамаддуни узра ўлмас маънавий қадриятлар сирасига киради. Анжуман доирасидаги биринчи илмий симпозиумни “Темурийлар даври мусиқа санъати ва унинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни” номи билан ўтказиш кўзда тутиляпти.
– Анжуманга тайёргарлик кўриш ва уни юксак савияда, ЮНЕСКО шафелигида ўтказиш бўйича белгиланган вазифалар ижроси ҳақида нима дейсиз?
– Дарҳақиқат, мазкур анжуман ЮНЕСКО шафелигида ўтказилиши назарда тутилаётгани бежиз эмас. Ўзбек мақом санъати нафакат юртимиз ва Шарқ мамла катларида, балки дунё миқёсида катта шуҳрат хамда эътиборга эга.
Мазкур анжуман олдида турган мақсад ва вазифаларнинг биринчи галдагиси ўзбек мақом санъатининг нуфузини ошириш ҳамда бу борада ижодкорлик, ижрочилик ва мақомшунослик илм-фани ютуқлари билан ўзаро тажриба алмашишдан иборат. Ушбу вазифаларни муваффақиятли адо этиш учун ЮНЕСКО таркибидаги халқаро “Maqam” гуруҳи билан устувор режалар ва ташкилий масалалар юзасидан ҳамкорлик ишлари олиб борилмокда.
Шаҳрисабзда мақом анжуманини ўтказиш юзасидан вазифалар белгилаб олинган. Анжуман доирасида илмий симпозиум, жаҳон мақомот санъати ва ўзбек мақом санъати усталари иштирокидаги чиқишлар, ёш мақом ижрочилари танлови, мақомларга асосланган бастакорлар, композиторлар асарларидан концертлар, шунингдек, илмий- ижодий тақдимотлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларнинг ҳар бири алоҳида ишлаб чиқилган дасттурлар асосида 4 босқичда ташкил этилади. Шунингдек, ўтмиш мусиқа рисолаларининг ноёб нусхалари, мақом ижрочилигига оид чолғулар, машҳур мақомчи устозларнинг фотосуратларидан иборат кўргазма ташкил этилиши кўзда тутилган.
Мақом усталари – атоқли ҳофиз ва созандалар ижросида ҳофиз ва созандалар ижросида ёзиб олинган асарларни ўз ичига олган аудио альбомлар туркумини чиқариш режалаштирилмоқда. Айни пайтда эски граммафон ликопчалар, “Бухоро Шашмақоми”, “Хоразм мақомлари”, “Фарғона-Тошкент мақомлари” номлари остида чиқарилган аудио альбомлар, нота тўпламлари, “Ўзбекистон мақом санъати усталари” рукни остида чоп этилган янги адабиётлар, шу жумладан, ўзбек, форс, араб, инглиз ва рус тилларида нашр этилган илмий тадқиқот ва илмий-маърифий адабиётлар намойиши анжуман ишига янада мазмун бағишлайди. Бу соҳадаги барча ишларга республика ҳамда вилоят миқёсидаги тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан пухта тайёргарлик кўрилмоқда.
Халқаро мақом анжуманининг саҳнаси, ўриндиқлар жойлашуви бўйича лойиҳа-чизмаси, хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлардан таклиф этиладиган таниқли мақом ижрочи-намояндалари ҳамда мусиқа жамоатчилиги вакилларининг дастлабки харитаси ишлаб чиқилди. “Оқсарой” майдонининг тарихий қисмида мақом санъатига бағишланган музей ва миллий созлар лабораторияси ташкил этилмоқда.
– Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга ташрифини Шаҳрисабзда мақом санъати усталари билан учрашувдан бошлаган эди. Унда Юртбошимиз ушбу санъат истиқболлари, халқаро мақом санъати анжуманини юксак савияда ўтказиш борасида фикрларини айтиб, мақом фестивалини сайил тарзида, маданият байрами сифатида ўтказиш зарурлигини таъкидлаганди. Шаҳрисабзда ташкил этилаётган Мақом маркази ва музейи анжуманга байрам тусини беришда катта аҳамиятга эга. Бу борада ҳозир қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Президентимиз қарорига асосан ташкил этилаётган “Мақом музейи”да Ўзбекистонда мақом санъатини ривожлантириш босқичлари, бу борада шаклланган ижро ва ижодий мактаблар ҳамда анъаналар, буюк бастакорлар, ҳофиз ва созандалар меросини намойиш этиш, илмий асосда ўрганиш ва тарғиб этиш, ўзбек мақом санъати мумтоз ва замонавий ижро намуналарининг фондини яратиш кўзда тутилган. Ҳозир бу соҳадаги коллекциялар тўпланмоқда. Музей Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий қисмидаги Санъат саройидан жой оляпти. Унинг экспозиция майдони 400 кв.м.дан иборат бўлиб, 4 та мавзуга бўлинади. Музейда саёҳатчиларни мақом санъати билан кенг таништириш орқали уларда миллий ўзликни англаш туйғуси, юксак бадиий-эстетик дид ва тафаккурни камол топтириш, мақом санъатини кенг тарғиб қилиш ҳамда ноанъанавий экспозициялар яратиш бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қўйишга эришилади.
Иштирокчилар учун Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, унинг такрорланмас санъати замонавий технологиялар асосида мультимедиа тизими орқали ҳакққоний ёритиб берилади. Экспозицияларни намойиш қилишда сенсорли компьютер воситалари, аудио-видео ва мультимедиа техникалари, ойнаванд витриналар, шитлар, макетлар, муляжлар, типография ва полиграфия маҳсулотлари, нуқтали ёритқичлар, маълумотларнинг виртуал базаси ҳамда мультимедиа дастури, ҳар бир мақом турларига тегишли CD-DVD кўринишида мусиқий ёзувлар ва бошқалардан кенг кўламда фойдаланиш режалаштирилган. Бу эса анжуманда қатнашувчи хорижий сайёҳлар ва меҳмонлар учун катта қулайликлар яратади.