«Халқ сўзи» газетасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидовнинг «Адолат, очиқ ва ошкора. Нуфузли халқаро конференцияда Ўзбекистонда сайловлар ана шундай тамойиллар асосида ўтади, деган хулосага келинди» сарлавҳали мақоласи чоп этилди.
«Дунё» АА қуйида мазкур мақоланинг тўлиқ матнини эътиборингизга ҳавола этмоқда.
«Шу йил 1 июлда Гулистон шаҳрида «Президент сайловининг конституциявий-ҳуқуқий асослари: Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар тажрибаси» мавзусида бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Барқарор ривожланиш маркази томонидан Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, БМТ Тараққиёт Дастури, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти, Швейцария Тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги кўмагида онлайн ва офлайн форматларда ташкил этилди.
Конференция давомида иштирокчилар сайлов қонунчилиги ва амалиётини кўриб чиқиш, Ўзбекистоннинг ушбу соҳадаги янгиликларини баҳолаш имкониятига эга бўлдилар ҳамда уларни такомиллаштириш бўйича бир қатор хулосалар ва тавсияларни ўз ичига олган Гулистон ҳужжатини қабул қилди.
Анжуманнинг асосий хусусиятлари
Аввало, конференция Ўзбекистондаги бу йилги энг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалардан бири – Президент сайловининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини муҳокама қилишга, шунингдек сайлов қонунчилигини ривожлантириш тенденциялари ва давом этаётган коронавирус пандемияси шароитида демократик сайловларни ўтказиш амалиёти бўйича фикр ва тажриба алмашишга бағишланган.
Тадбирда 30 дан ортиқ халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг (Грузия, Ҳиндистон, Қирғизистон, Молдова, Польша, Португалия, Россия, Тожикистон, Япония) 50 дан ортиқ мутахассислари ва Тошкентдаги дипломатик корпус вакиллари, шунингдек, Олий Мажлиснинг 200 га яқин вакили, суд тизими, МСК, етакчи илмий-таҳлилий марказлар, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтлари – ушбу соҳадаги етакчи экспертлар иштирок этганлиги халқаро ва маҳаллий экспертлар ҳамжамиятининг конференция мавзусига бўлган катта қизиқишидан далолат беради. Тадбирнинг онлайн қисмида экспертлар 71 интернет нуқтадан қатнашди.
Қайд этиш лозимки, конференция иштирокчиларининг фикрига кўра, Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган навбатдаги сайловлар мамлакатимизнинг, умуман бутун Марказий Осиё минтақасининг ўрта ва узоқ муддатли истиқболда янада барқарор ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга.
Хусусан, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, элчи Пьер фон Аркснинг сўзларига кўра, конференция халқаро ҳамжамиятга Президент сайловини юқори халқаро стандартларга мувофиқ ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Ўзбекистон эришган ютуқлар билан танишиш имкониятини берди. Зеро, қонун устуворлиги таъминланган ҳолда ўтказилган сайловлар Ўзбекистон манфаатига хизмат қилади. Бу нафақат Марказий Осиёда, балки халқаро миқёсда демократия ва барқарорликнинг намунасига айланади.
Польша Табиий ва гуманитар фанлар университети профессори Ежи Шукальски: «Мен Ўзбекистонда 2016 йилдаги сайловларда хорижий кузатувчи сифатида иштирок этдим. Ўша даврнинг ўзидаёқ Ўзбекистонда янгича очиқлик ва ошкоралик, демократия руҳи намоён бўлганди. Албатта, мамлакатдаги Мирзиёев бошчилигидаги ислоҳотлар мутлақо янги муҳитни шакллантирдики, бўлажак сайловлар юксак демократик тамойилларга мос бўлади дейишга етарли асос бор», дея алоҳида таъкидлади.
Конференция мамлакатнинг илмий марказлари, фуқаролик жамияти институтлари ташаббуси билан ташкил этилгани бу нуфузли тадбирнинг яна бир ўзига хос хусусиятидир.
Шанхай хамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмасининг доимий вакили, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси Бҳаргав Митра қуйидагиларга эътибор қаратди:
• конференциянинг илмий-таҳлилий марказлар, фуқаролик жамияти институтлари томонидан ташкил этилиши ва ундаги мавзулар маҳаллий ва хорижий экспертлар томонидан қизғин муҳокама қилиниши мамлакатингизда фуқаролик жамияти институтларининг мақоми ва аҳамияти ошаётганлигидан далолат беради. Бу, ўз навбатида, давлат сиёсатининг энг муҳим йўналиши – эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш;
• эркин ва адолатли сайловлар масаласига бағишланган анжуманнинг пойтахтда эмас, Гулистонда, яъни ҳудудда ўтказилиши ҳам муҳим аҳамиятга молик деб ҳисоблайман;
• бўлажак сайловлар партиялараро кучли рақобат, очиқлик, фикр эркинлиги ва чинакам танлов шароитида ўтишини тахмин қилмоқда. Буларнинг барчаси янгиланаётган Ўзбекистоннинг ўзига хос ноёб ютуғидир.
Конференциянинг бошқа иштирокчилари ҳам Гулистон ҳужжатида акс этган ушбу фикрга қўшилишди.
Аниқ ва долзарб хулосалар
Биринчи хулоса. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда яширин овоз бериш орқали очиқ ва ошкора, умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида ўтказилган эркин ва адолатли сайловларнинг конституциявий – ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга, шунингдек, қонун устуворлиги, замонавий демократик сайлов тизимини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Сайлов қонунчилиги ва сайлов жараёнини ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг 3 босқичи мавжуд:
• алоҳида қонунлардан ягона сайлов кодексига ўтиш;
• таъсис этувчи ҳокимият – Марказий сайлов комиссияси ва барча даражадаги сайлов комиссияларининг мустақиллигини таъминлаш;
• сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти ва сайловолди тадбирларини ташкил этиш, шу жумладан сайлов пайтида оммавий акциялар ўтказиш имкониятларини кенгайтириш.
Шунингдек, кўплаб иштирокчилар сайлов тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш жараёни, шунингдек, сайлов қонунчилиги ҳали тугамаганлигини таъкидлади. Зеро, сайловлар сўнгги бекат эмас, балки муттасил ривожланиб борувчи жараёндир. Жаҳон амалиёти шуни кўрсатадики, деярли ҳар бир сайлов кампанияси доим янги муаммоларни юзага чиқаради.
Элчи Пьер фон Аркс, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси эксперти Карла Луиш ва А.Громов Ўзбекистон билан ЕХҲТ ДИИҲБ, Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси ва Венеция комиссияси ўртасида тайёргарлик кўришнинг ташкилий-ҳуқуқий шароитларини яхшилашда ва сайловларни ўтказишда самарали ҳамкорлик ривожланиб бораётганини таъкидладилар.
Ўзбекистондаги сўнгги парламент сайловлари ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Венеция комиссияси кўмагида ишлаб чиқилган ва 2019 йил июнь ойида парламент томонидан қабул қилинган янги Сайлов кодексига мувофиқ бўлиб ўтди.
ЕХҲТ вакиллари «Ўзбекистон парламенти мамлакатдаги сайлов жараёнларини кўриб чиқиш ва таҳлил қилишни давом эттирмоқда. 2020 йилда ЕХҲТ халқаро экспертларни ёллаб, Ўзбекистонда халқаро мажбуриятларни, демократик сайловлар бўйича стандартларни (ДИИҲБ тавсияларини ҳам) амалга ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқди. Бундан ташқари, айтиш лозимки, ҳатто аҳамиятсиз бўлиб кўринган ҳар қандай ўзгаришларни сайлов қонунчилигига киритиш учун ҳар доим олдиндан пухта иш олиб борилади, ўтган сайлов кампаниялари таҳлили ва унинг асосида қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.
Биргаликда амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида 2021 йилда Ўзбекистон Сайлов кодексининг 11 моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шунингдек, ЕХҲТ Ягона электрон сайловчилар рўйхатини амалга оширишда муҳим рол ўйнаганлиги қайд этилди. Умуман олганда, Сайлов кодексига, мамлакатнинг бир қатор қонунларига, МСК нормалари ва кўрсатмаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишда ЕХҲТ / ДИИҲБ Миссиясининг 2019 йилги парламент сайловларини кузатиш бўйича 21 та тавсиясини қабул қилиш ва кўриб чиқиш ижобий баҳоланди.
Иккинчи хулоса. Ўзбекистон халқаро тузилмалар ва хорижий давлатлар билан самарали ҳамкорликка очиқ, шунингдек, адолатли ва демократик сайловларга тайёр.
Шундай қилиб, жорий йилнинг май ойида ЕХҲТ/ДИИҲБ экспертлари бўлажак сайловлар муносабати билан Ўзбекистонга ташриф буюришди. Бу Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларга мувофиқ ва халқаро кузатувчилар иштирокида сайловларни ўтказишга тайёрлигидан далолат беради.
Бундан ташқари, сўнгги йилларда ЕХҲТ/ДИИҲБ кузатувчиларини Ўзбекистондаги сайловларга жалб қилиш бўйича ижобий тажриба тўпланди. Хусусан, ЕХҲТ/ДИИҲБнинг 2016 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтган навбатдан ташқари президентлик сайловларини кузатиш миссияси таркибига 32 мамлакатдан 193 нафар кузатувчи киритилган эди. 2019 йил декабрь ойида бўлиб ўтган парламент сайловлари учун ЕХҲТ/ДИИҲБ биринчи марта тўлақонли миссияни юборди. Сайлов куни ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси делегацияси билан биргаликда 37 давлатдан 316 кузатувчи киритилган халқаро миссия тузилди.
Уларнинг якуний ҳисоботида сайловлар такомиллаштирилган қонунчилик ва мустақил фикрларга нисбатан бағрикенгликнинг кучайиши руҳида бўлиб ўтди деган хулосага келишди. Шу билан бирга, эксперт А. Громов «ЕХҲТ/ДИИҲБ тавсияларини амалга оширишда маҳаллий ва маданий хусусиятларни ҳисобга олиш муҳимлигини» таъкидлади.
МДҲ Парламентлараро ассамблеяси Котибияти раҳбарининг ўринбосари И.Мушкет 2021 йилда МДҲ Парламентлараро ассамблеясининг халқаро кузатувчилари гуруҳи Ўзбекистон Президенти сайловини кузатишда биринчи маротаба иштирок этишини таъкидлади. Халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши ортиб бораётгани ва Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликка очиқлиги ҳақида ҳам тўхталди. Шу билан бирга, у «халқаро кузатувни ташкил қилишда энг муҳим икки тамойил – миллий суверенитетни ҳурмат қилиш, миллий сайловларга ташқи аралашувга йўл қўймаслик ва холислик» эканлигини таъкидлади.
БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовсканинг таъкидлашича, ушбу тадбир Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган сайловлар 2017 йилда бошланган ислоҳотлар доирасида халқаро тавсияларни ҳисобга олган ҳолда бўлиб ўтади. Бу доимий жараёнга келажакда ёрдам беришга тайёрлигини билдиради.
Шу жумладан, М.Димовска қуйидагиларни таъкидлади:
• кузатувчиларнинг тавсиялари сайловдан кейин ҳам давом этадиган сайлов қонунчилигини такомиллаштиришга хизмат қилади;
• бутун дунё бўйлаб сайловларни ташкил қилишда қийинчиликлар туғилганда, давом этаётган пандемия шароитида сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни ташкил этиш натижасида баъзи мамлакатларда сайловлар бекор қилинди. Шу муносабат билан қўшимча эҳтиёт чораларини кўриш керак. Биз Марказий сайлов комиссиясининг ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз.
Учинчи хулоса. Ўзбекистондаги сайловлар сиёсий партияларнинг тобора ўсиб бораётган ижтимоий ва сиёсий фаоллиги, партиялар ўртасида соғлом рақобат, мамлакатда ҳақиқий кўп партиявийлик тизимини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш шароитида ўтказилмоқда. Шунингдек, жамоатчилик назорати, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг боришини баҳолашда талабчанлиги ошди.
Елчи Пьер фон Аркс Ўзбекистонда «сиёсий партиялар сайловларда фаол иштирок этаётгани ва оммавий ахборот воситаларининг ўрни тобора ортиб бораётганини» таъкидлади. М. Димовска ҳам ушбу фикр билан ўртоқлашди ва фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларининг сайлов жараёнида, айниқса сайловлар тўғрисида жамоатчилик хабардорлигини оширишдаги роли ортиб бораётганлигини таъкидлади.
Ўз навбатида, мамлакат сиёсий партиялари вакиллари бугунги кунда электорат талабчанлигининг сифат жиҳатидан янги даражаси мавжудлигини, айниқса, аёллар ва ёшлар ижтимоий ҳаётда фаоллигини таъкидладилар.
Тажриба шуни кўрсатадики, ҳар қандай сиёсий партия сайлов кампаниясига кириб, ўзининг дастурий ғоялари ва мақсадларини доимий равишда такомиллаштириб боради. Бугунги кунда партияларнинг аҳоли билан ишлашини, уларнинг ҳокимият вакиллик органларидаги фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш, ғоявий ва дастурий ҳужжатларини, тарғибот воситаларини такомиллаштириш зарур. Уларнинг пиар-стратегиялари ва медиа-режалари жамият ва давлатнинг рақамли трансформациялашувини, шунингдек ҳар бир тоифадаги сайловчиларнинг эҳтиёжларини, ҳар бир минтақа ва ҳар бир маҳалланинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилиши керак.
Тўртинчи хулоса. 2021-2023 йилларда Ўзбекистоннинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга тўла ҳуқуқли аъзолиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегиянинг қабул қилиниши Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари давлат сиёсатининг энг устувор йўналиши эканлигидан далолат беради.
Яқинда мамлакатда Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ратификация қилинди, шунингдек, ногиронлиги бор кишилар сайлов жараёнларида фаол иштирок этишлари учун шарт-шароитлар яратилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирнинг халқаро иштирокчилари БМТ доирасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги йигирмадан ортиқ глобал, минтақавий ва миллий ташаббусларни Ўзбекистонда илгари сурилган халқаро тузилмалар ва хорижий давлатлар томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини таъкидлади.
Шу нуқтаи назардан, Карла Луиш: «Ўзбекистонда сайлов қонунчилигининг уч босқичда ривожлангани, Сайлов кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларини тайёрлашда ЕХҲТ ДИИҲБ миссиясининг тавсиялари ҳам эътиборга олингани таҳсинга сазовордир. Шу билан бирга нафақат сайлов қонунчилиги, балки сайловларни ташкиллаштириш билан боғлиқ уч босқичда – сайловгача, сайлов давридаги ва сайловдан кейин ҳам юксак демократик меъзонларга мосликни намоён этиш назарда тутилади. Бу борадаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишдан ҳар икки томон – ЕХҲТ ДИИҲБ ва Ўзбекистон манфаатдордир», дея таъкидлади.
Конференция иштирокчилари Ўзбекистонда ушбу соҳада кўрилаётган чора-тадбирларни ижобий баҳолади.
Бешинчи хулоса. Аҳолининг сайлов маданиятини ошириш бўйича сайловларнинг ошкоралиги ва одиллиги кафолати бўйича Ўзбекистон тажрибасини янада кенгроқ тарқатиш зарур.
Конференция қатнашчиларининг фикрига кўра, сайловчиларнинг сайлов маданияти ва фаоллигини ошириш, уларнинг сайлов институтига бўлган ишончини кучайтириш, жамиятда давлат ҳокимиятини шакллантиришнинг ягона замонавий ва демократик механизми эканлигига, янги конституцион тамойилларни ҳаётга татбиқ этишга бўлган ишончни кучайтириш жуда муҳим.
Олий Мажлис палаталари томонидан тасдиқланган аҳолининг сайлов маданиятини ошириш бўйича Миллий Ҳаракат дастурида қуйидагилар кўзда тутилган:
• ташкилотчиларнинг касбий маҳоратини ривожлантириш, шунингдек, сайловчилар ва сайлов жараёнининг барча бошқа иштирокчиларига ҳуқуқий таълим тизимини оммавий ва кенг қамровли қилиш, мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш мақсадга мувофиқ;
• сайлов жараёнининг турли тоифадаги иштирокчилари, айниқса, ёшларнинг умумий ҳуқуқий ва сайлов маданиятини ошириш;
• оммавий ахборот воситалари билан ишлашни такомиллаштириш, уларнинг сайлов жараёни ҳақидаги билимларини ошириш, уларни сайловларнинг барча босқичларида ишончли маълумотларни тарқатишга жалб қилиш, шунингдек, жамиятда медиа маданиятини ошириш;
• фуқаролик жамияти институтларини сайлов жараёнининг демократияси, қонунийлиги ва адолатлилигини таъминлашда, шунингдек сайлов жараёнининг барча иштирокчилари, сайловчиларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича давлат органлари фаолиятида иштирок этиш;
• янги ахборот-коммуникация технологиялари асосида ҳуқуқий ахборот таълим ресурсларини шакллантириш ва ривожлантириш фуқароларнинг, шу жумладан, ногиронларнинг хоҳиш-иродасини эркин ифода этишга ёрдам беради.
Олтинчи хулоса. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтлари, кўнгиллиларнинг сайловларда иштирок этишдаги роли ва имкониятларининг динамик равишда кучайиши ва кенгайиши, сиёсий, жамоатчилик назорати, одамларнинг фуқаролик масъулияти, фуқароларнинг талабчанлиги ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг боришини баҳолашда сезиларли даражада ошди.
БМТ Тараққиёт Дастури мутахассиси Г.Бараташвили «кўплаб халқаро ҳужжатлар фуқаролик жамияти институтларининг сайлов жараёнида иштирок этишини рағбатлантиради. Бунинг учун 2019 йилги Ўзбекистон Сайлов Кодекси шароит яратиб беради. Шу билан бирга, сайлов жараёнининг барча манфаатдор томонлари билан инклюзив мулоқотни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга», деб айтиб ўтди.
БМТ Тараққиёт дастури мутахассиси Н. Добрецованинг сўзларига кўра, фуқаролик жамияти институтлари сайлов жараёнини такомиллаштиришда улкан рол ўйнайди. Уларнинг сайлов қонунчилигини такомиллаштиришда, рақамлаштириш шароитида жамиятда сайлов маданиятини оширишда ва гендер сиёсатини амалга оширишда фаол иштирок этиши алоҳида аҳамиятга эга.
И.Мушкет томонидан ўта долзарб масала кўтарилди: «Рақамли технологияларни кенг жорий этиш ахборот тарқатилишини тезлаштиришга ёрдам беради, хабарлар такрорланади ва ижтимоий тармоқларда, мессенжерларда тарқатилади. Бу ёлғон маълумот, «фейк», зўравонликка чақириқлар ва бошқа ноқонуний таркибни тарқатиш учун қулай шароит яратади. Шу билан бирга, рақамли муҳитни тартибга солишнинг ривожланган воситаси ва рақамли платформалар эгалари – трансмиллий корпорациялар миллий қонунчилик томонидан назорат қилинмаслиги сайлов жараёнига ноқонуний аралашиш хавфини келтириб чиқармоқда».
Ушбу муаммо, шунингдек, қонунчилик даражасида, шу жумладан аҳолининг медиа-саводхонлигини ошириш соҳасида амалий ечимни кутмоқда.
Гулистон ҳужжатида конференция иштирокчилари Ўзбекистонда сайлов қонунчилиги ва амалиётини ривожлантиришга оид кўплаб бошқа хулосаларни ҳам баён қилдилар.
Тадбирнинг асосий тавсиялари
Биринчи тавсия. Ўзбекистонда ёш депутатларнинг улуши дунёдаги ўртача кўрсаткичдан салкам 3 баробар кўплигини инобатга олиб, бу борадаги Ўзбекистонннинг ижобий тажрибасини кенг тарғиб этиш. Шунингдек, Парламентлараро иттифоқнинг “Биз – парламентда ёшлар тарафдоримиз” ташаббусини амалга ошириш ва ёшлар парламентлари фаолиятини янада кучайтириш;
Иккинчи тавсия. Ўзбекистонда аёлларга барқарор ривожланиш, тинчлик ва демократияга эришиш учун муҳим бўлган барча даражадаги қарорларни қабул қилиш жараёнларида фаол иштирок этишлари учун эркаклар билан тенг шароитлар яратилганлигини ҳисобга олиб, қуйидаги масалаларни кўриб чиқиш таклиф этилади:
• аёлларни сиёсий тадбирларда ва сайловларда иштирок этишини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш сиёсатини кучайтириш;
• хотин-қизларнинг сиёсий жараёнлардаги аҳамияти ва уларнинг мамлакат сиёсий ҳаётидаги иштироки тўғрисида хабардор қилишга қаратилган дастурларни кенгайтириш ва қўллаб-қувватлаш.
Учинчи тавсия. Мамлакат сайлов қонунчилигини янада такомиллаштириш нуқтаи назаридан қуйидаги масалаларни кўриб чиқиш таклиф этилади:
• сиёсий партияларга реклама тарқатишда тегишли хизматлардан тенг равишда фойдаланиш имкониятини таъминлаш мақсадида сиёсий реклама тўғрисидаги қонунни қабул қилиш, сиёсий партияларнинг сайловолди фаолиятини ёритишда тенглик кафолатларини ўрнатишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида тегишли қоидаларни Сайлов кодексига киритиш;
• сайлов ташкилотчилари учун “Ахлоқ кодекси”ни, шунингдек оммавий ахборот воситалари, сиёсий партиялар ва маҳаллий кузатувчилар учун ахлоқ кодексларини ишлаб чиқиш;
• мамлакатимиз сайлов қонунчилиги ва амалиётини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш соҳасида Ўзбекистон академик ҳамжамиятининг халқаро тузилмалар, шу жумладан, ЕХҲТ/ДИИҲБ экспертлари билан ўзаро алоқаларини кучайтириш.
Тўртинчи тавсия. Сайлов жараёнини кузатишда қуйидагилар таклиф этилади:
• мустақил тадқиқот марказлари ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан қонунчиликни қўллаш амалиётининг умумлаштирилиши, сайловчиларнинг ҳуқуқий маданияти ҳолати ва аниқланган ҳуқуқбузарликлар таҳлилини ўз ичига олган йиллик ҳисоботини амалиётга жорий этиш;
• амалдаги қонунчилик доирасида фуқаролик институтларини сайловларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга жалб қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш ва сайлов жараёнининг жамоатчилик мониторингини ўтказиш.
Бешинчи тавсия. Давлат ва жамиятнинг рақамли ўзгариши шароитида сайлов жараёнида рақамли технологиялардан фойдаланиш ва уларни ҳуқуқий тартибга солишни янада кенгайтириш зарурати туғилмоқда.
Умуман, конференцияда Ўзбекистонда сайловларни ташкиллаштириш ва ўтказишда ҳақиқий демократия, адолат, очиқлик ва ошкораликни таъминлаш учун яратилган эркин ва адолатли сайловлар учун қулай сиёсий, ижтимоий, ҳуқуқий ва гуманитар макон шаклланди, деган хулосага келишди.
Сўнгги йилларда сайлов меъёрларини, жамият ва давлат ҳаётини тизимли ва изчил демократлаштириш ва либераллаштириш натижасида фуқароларнинг жамият ва давлат бошқарувида иштирок этиш бўйича конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш учун барча зарур шароитлар яратилди. Ўзбекистондаги сайловлар давлат ҳокимиятини шакллантиришнинг самарали механизмига айланиб, унинг давомийлиги ва сиёсий барқарорлигини таъминлайди.
Конференция халқаро шерикларни фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини амалга ошириш, сайловларнинг конституциявий-ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш ва мустаҳкамлаш соҳасидаги миллий сиёсат, дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқишда давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик ва илғор тажриба алмашинувини қўллаб-қувватлашга чақирди.
Акмал Саидов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази директори